Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси жорий йилнинг 10 ойига бағишланган матбуот анжумани ўтказди.

Иштирокчиларнинг таъкидлашича, аҳолининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларидан хабардорлигини ошириш ва ёнғин рўй берганда қандай ҳаракат қилишни ўргатиш мақсадида Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари семинар ва ўқув машқлари ўтказмоқда. Махсус тарғибот автобуси фаолияти йўлга қўйилган.

Анжуманда қайд этилишича, 2015 йилнинг январь-ноябрь ойларида Тошкент шаҳридаги ёнғинлар миқдори ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўқув муассасаларида рўй бериш ҳолатлари 27,3 фоизга камайган, маъмурий бинолар бўйича кўрсаткичлар эса 7,3 фоизга яхшиланган. Шунингдек, жорий йилда аҳоли турар жой биноларида ёнғинлар юз бериши ўтган йилдагига нисбатан 25 фоиз кам бўлган. Ўт ўчириш хизматларига мингдан ортиқ чақирувлар бўлган ва турли жойлардаги ёнғинлар вақтида жами 20 киши қутқариб қолиниб, 2 млрд сўмдан ортиқ ҳажмдаги моддий бойликлар сақлаб қолинган.

Бундан ташқари, ўтган даврда шаҳардаги тўққиз мингдан зиёд объектда ёнғинга қарши меъёрларга риоя этилиши текширилди. Уларнинг айримларида аниқланган камчиликларнинг аксарияти бартараф этилди ва 3 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилди. Ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш объектларида ёнғин хавфсизлиги чораларига риоя қилинмаётгани аниқланди ҳамда уларнинг фаолияти вақтинчаликка тўхтатилди.

Қайд этиш керакки, қиш фаслида фуқароларнинг иситиш мосламаларига бўлган эҳтиёжи бирмунча кўпайиши ёнғин хавфи ортишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 ноябрдаги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 20 ноябридан 20 декабрига қадар мамлакатимизда Ёнғин хавфсизлиги ойлиги ўтказилади.