Онлайн-савдо билан шуғулланувчи Alibaba компанияси Хитойда 11 ноябрь – Бўйдоқлар куни муносабати билан маҳсулотларни онлайн тарзда арзон сотиш эълон қилингандан кейин 12 соат ўтиб Tmall платформаси орқали 9 млрд долларлик товар сотди ва ўтган йилдаги рекордини янгилади. Бу ҳақда China Daily газетаси маълум қилди.

Фестиваль 11 ноябрда бошланди ва 24 соат давом этади. Alibaba’нинг дастлабки 12 дақиқадаги савдоси ҳажми рекорд даражадаги 1,57 млрд долларга етди. 2014 йилда компания бундай кўрсаткичга 38 дақиқада эришган эди.

Ритейлер маълумотларига кўра, Хитойнинг шарқий ва жанубий қисмидаги, яъни Гуандун, Чжэцзян, Цзянсу вилоятлари ҳамда Шанхай ва Пекин шаҳридаги харидорлар энг кўп фаоллик кўрсатишди.

Alibaba раҳбари Жек Манинг айтишича, Хитойда ҳанузгача улкан ички истеъмол салоҳияти мавжуд. Унинг айтишича, компания режаларида бундай онлайн-шопинг фестивалини яна 100 йил давомида ўтказиш режаси бор. Жорий йилда савдолар 200 та давлат ва ҳудудни қамраб олади, тадбирда 5 мингдан кўпроқ хорижий савдо маркалари иштирок этади.

Бўйдоқлар куни (Гуангуньцзе) Хитойда ҳар йили 11 ноябрда нишонланади (ушбу сана, яъни 11.11 – ҳали оила қурмаганларни билдирувчи 4 та 1 дан иборат). Сўнгги йилларда Хитойнинг кўплаб савдо марказлари ва онлайн-ритейлерлари бу байрамда маҳсулотларни арзон нархларда сотишни амалга ошириб келишмоқда.