"Челси" футболчилари айни вақтда МЛСдаги "Монреаль Импакт" жамоасида ўйнаётган ивуарлик футболчи Дидье Дрогбанинг ортга қайтарилиши бўйича ташаббус билан чиқишди. Бу ҳақда жамоадаги манбасига асосланган ҳолда The Sun нашри хабар қилган.

Жамоа раҳбарияти эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган ва қишки танаффус пайтида Дрогбани жамоага қайтармоқчи.

“Дидье ҳамиша жанговар руҳда майдонга тушадиган футболчи. У уч-тўрт тилда гаплаша олади, турли миллатга мансуб футболчилар билан яхши чиқишарди. У Инстаграмда жамоа футболчилари биргаликда тушган суратларни доимий равишда жойлаштириб борарди. 2012 йилда Чемпионлар лигасидаги ғалабадан кейин Дрогба барча жамоадошларига тилла соат совға қилганди”, - деган футболчилардан бири.

Бир қанча футболчилар уни соғинишгани ҳақида маълум қилишгани айтилган.

Жамоа бош мураббийи Жозе Моуриньо Дрогбанинг жамоага қайтишини истамаётгани қўшимча қилиб ўтилган.

Маълумот учун, "Монреал Импакт" МЛСдаги иштирокини якунлади. Жамоа чорак финалда "Коламбус Крю"дан 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Дрогба 2004 йилда "Марсель"дан "Челси"га келиб, 2012 йилгача Лондонда қолган, кейинги мавсумда Хитойнинг "Шанхай Шеньхуа" жамоасига ўтган футболчи 1 мавсум ўтгач, Туркиянинг "Галатасарой" жамоасида фаолият кўрсатганди. У 2014-15 йиллар мавсумини ҳам "Челси"да ўтказди ва жамоа билан 2та соврин ютди. Жорий мавсумда МЛСга йўл олган 37 ёшли футболчи 14 ўйинда 12та гол уришга улгурди.