11 ноябрда Чили соҳиллари яқинида бир соат ичида 6,9 магнитудали иккинчи зилзила содир бўлди. Бу ҳақда АҚШ Геологик хизмати маълум қилди.

Зилзила маҳаллий вақт билан соат 2:46 да (Тошкент вақти билан 7:46 да) қайд қилинган. Зилзила маркази мамлакатнинг шимолидаги Элки вилоятидаги Кокимбо шаҳридан шимоли-ғарбий томонга 98 км узоқликда, ўчоғи эса 10 км чуқурликда бўлган.

Аввалроқ шу ҳудудда маҳаллий вақт билан 1:54 да ҳам 6,6 магнитудали зилзила юз берганди. Талофатлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Цунами юз бериши хавфи йўқ.

Кокимбо ҳудуди Чилида 16 сентябрда содир бўлган 8,3 магнитудали зилзила оқибатида энг катта талофат кўрган ҳудуд бўлган эди. Ўшанда табиий офат оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, 6 мингдан кўпроқ одам бошпанасиз қолган, 970 дан ортиқ уй вайронага айланган эди.