11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида, Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабар беришича, мажлисда ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Рустам Азимов ҳамда Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов маъруза қилишган.

Келгуси йилга шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида, шунингдек асосий макроиқтисодий кўрсаткичларда ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши назарда тутилаётганлигини алоҳида қайд этилди.

2016 йилги Бюджетнома лойиҳасида микрофирма ва кичик корхоналарга мансуб бўлган хизмат кўрсатувчи корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасини 6 фоиздан 5 фоизгача туширилиши таклиф этилган. Бу мазкур корхоналар ихтиёрида 58,4 млрд сўм қолдириш имконини беради.

2016 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини таъминлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш учун ажратилган харажатлар ҳажмини жорий йилга нисбатан 1,16 баравар ошириш назарда тутилган.

Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар 2000 йилда 42,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2015 йилдаги 58,7 фоиздан, 2016 йилда 59,2 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2008 йилда 639 миллиард сўм бўлгани ҳолда, 2016 йилда қарийб 2,1 трлн сўмдан ортиқ миқдорга етиши кўзда тутилган.

Шунингдек, 2016 йилги Давлат бюджети лойиҳасида фан соҳасига ажратилган харажатлар жорий йилга нисбатан 1,36 баравар оширилгани маълум қилинди.