Эроннинг шимолий остонларида истиқомат қилувчи этник озарбайжонлар уларга нисбатан ТВ орқали янграган ҳақоратларга жавоб тариқасида норозилик намойишлари ўтказмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг The Washington Post нашри хабар берди.

Айтилишича, Эрон давлат телеканалларидан биридаги Fitileh номли болалар дастури чоғида озарбайжон тили масхара қилинган. Бунга жавобан душанба куни Табризда ўн минглаб одамлар норозилик акциялари уюштирган. Тартибсизликлар Урму, Сулдуз, Кум, Теҳрон шаҳарларига ҳам кўчган.

Эрон давлат телекомпанияси директори Муҳаммад Сарафроз фуқаролар олдида узр сўраб, кўрсатув бошловчисини ишдан бўшатганлигини маълум қилди. Шунингдек, у кўрсатувни бутунлай тугатишни ёқлаб чиқди.

Эрон аҳолисининг камида 16 фоизини (13 млн киши) этник озарбайжонлар ташкил қилади. Эронда улар турк деб аталади. Форс миллатчиларининг уларга нисбатан агрессив сўзлари ва хатти-ҳаракатлари тез-тез икки томон ўртасида кескин тўқнашувларни келтириб чиқаради. Эрон озарбайжонлари ҳуқуқлари поймол қилинаётганини таъкидлаб келадилар.