Мексика телекоммуникациялар федерал институти (ТФИ) Pegaso мобиль алоқа операторига 410 млн песо (24,5 млн доллар) жарима солди. 10 ноябрда маълум бўлишича, айни пайтда ТФИ томонидан солинган энг катта жаримага Испаниянинг Telefonica телекоммуникацион гиганти бўлими ҳисобланган Pegaso’нинг “мобиль алоқа хизматлари сифати минимал стандартларига” амал қилмагани сабаб бўлган.

ТФИ раҳбарияти Pegasо’нинг Мексиканинг Гуанахуато штатидаги Леон шаҳридаги фаолияти текширилгандан кейин бир овоздан бундай қарорга келган. Бу текширув давомида “қўнғироқни амалга ошириш муваффақиятсиз тугаган ҳолатларнинг жуда кўплиги” аниқланди. Энди компанияда бу қарор устидан шикоят қилиш учун 15 кун вақт бор.

ТФИнинг таъкидлашича, институт “тақдим қилинаётган телекоммуникацион хизматлар сифати ва уларнинг талаб даражасига мос келишини кузатишни давом эттиради”.