Эрон ва Ироқ Эрон газини етказиб бериш борасида шартнома имзолади, деб хабар бермоқда ШАНА агентлиги.

"Теҳрон ва Бағдод Эрон табиий газини Ироқнинг жанубий қисмида жойлашган порт шаҳар Басрага етказиб бериш борасида шартнома имзолашди”, - дейилади агентлик берган маълумотда.

Агентликнинг маълумотига кўра, тегишли ҳужжатларда Эрон ҳар куни Ироқни 25 млн кубометр газ билан таъминлаши кўзда тутилган. Бошланғич жараёнда 4 млн кубометр табиий газ етказиб берилади. Келажакда ҳар икки томон ўртасида кунига 35 млн кубометр газ етказиб бериш учун шартнома тузиш ҳам режалаштирилган.

Газ Форс кўрфазида жойлашган Жанубий Парс ҳудудидан 270 километрли магистраль газ қувурлари ёрдамида етказилади. Ироқнинг аксарият электростанциялари табиий газ билан ишлашга мўлжалланган.