Мадриднинг "Реал" клуби президенти Флорентино Перес "Барселона" жамоаси ҳужумчиси Неймарни сотиб олишга тараддуд кўрмоқда. Бу ҳақда El Mundo Deportivo нашри хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, "қироллик клуби" Карим Бензема ва Криштиану Роналдуни сотиб юборади ва уларнинг ўрнини Неймар билан тўлдиради.

Перес Неймарни уэльслик Гарет Бэйл билан бирга кучли жуфтлик қиладиган катта спорт лойиҳасини бошламоқчи.

Айни пайтда Неймарнинг трансфер қиймати 190 миллион еврони ташкил қилади. Роналду ва Бенземанинг сотувидан тушган пулни шу мақсадда бемалол сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Қайд этиш жоизки, Перес Неймарни 2013 йилдаёқ, у ҳали "Барселона"га келишидан олдин, "Сантос"да ўйнаб юрган вақтидаёқ Мадридга олиб келишга уриниб кўрганди ва уни трансфер қилиш учун каталонияликлардан яхшироқ таклиф киритганди. Бироқ ўшанда Неймар "кўк-анорранглилар" сафига ўтишни маъқул кўрганди.