АҚШ президенти Барак Обама катта эҳтимоллик билан мамлакатнинг янгиланган мудофаа бюджети ҳақидаги қонунни имзолайди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жош Эрнест маълум қилди.

“Президент миллий мудофаа ҳақидаги қонунда кўзда тутилган харажатлар мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигига ишончи комил. Айнан шунинг учун мен президент қонунни имзолайди, деб ишонаман”, деб айтди Эрнест.

Аввалроқ АҚШ сенати кўпчилик овоз билан миллий мудофаа ҳақидаги қонунни маъқуллагани маълум қилинганди. Таъкидланишича, ҳужжат аввалги қонунда бўлмаган мамлакат мудофаасига харажатларнинг 5 млрд долларга қисқартирилиши ҳақидаги бандни ўз ичига олган. Ўтган ойда Обама бу ҳужжатга тақиқлов қўйган эди.

Хабарда айтилишича, янги қонунга кўра мудофаа бюджетида аввалгисининг муҳим жиҳатлари сақланиб қолади. Хусусан, Кубадаги Гуантанамо қамоқхонаси ёпилишига тақиқлов узайтирилади. Шунингдек, қонун Украинага ҳарбий ва разведка соҳаларида 300 млн долларлик ёрдам беришга рухсат беради.