Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси томонидан “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзусида матбуот анжуман ўтказилди.

Ўзбекистонда 1990 йилда аҳолининг озиқ-овқат, асосан гўшт, сут ва қандолатчилик маҳсулотларига эҳтиёжи импорт ҳисобига қондирилган бўлса, унда бугунги кунда аҳолининг ушбу маҳсулотларга эҳтиёжи 96 фоизга республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳисобига қондирилмоқда.  

Матбуот-анжуманида 2015 йилнинг январь-сентябрь ойларида бутун республика бўйлаб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариши 10 трлн 114,5 млрд сўмни ташкил қилди (ўсиш суръати 116,5 фоиз), бунда Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси корхоналари томонидан 3 трлн 230 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўсиш 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 125,8 фоизни ташкил қилган.

Анжуманда нутқ сўзлаганлар айни пайтда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бир ой ичида 40 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти сотиб олиши мумкинлиги ва бунга ўртача иш ҳақининг 40 фоизи сарфланишини қайд қилдилар.

Мустақиллик йилларида гўшт истеъмоли аҳоли жон бошига 1,3 маротаба, сут ва сут маҳсулотлари 1,6 баробарга, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулоти истеъмоли эса деярли 4 баробарга ошган. Бу ўзбек аҳли турмуш тарзининг ўсиб бораётганидан гувоҳлик беради.

Таҳлилнинг кўрсатишича, республикада умуман олганда истеъмолнинг минимал даражаси асосан маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига таъминланмоқда.

Озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан 3 мингдан кўпроқ номдаги турли озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилмоқда ва озиқ-овқат маҳсулотлари ассортименти ҳар йили 80 та янги ном билан бойиб бормоқда.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатини таъминлаш мақсадида озиқ-овқат саноатининг 363 та корхонасида ISO-9001 халқаро сифат стандартлари ва тайёр маҳсулотлар хавфсизлиги халқаро сифат стандарти ISO-22000 жорий қилинган. 

Матбуот-анжуманда уюшма томонидан маҳаллий озиқ-овқат ва хомашё ишлаб чиқаришни барқарор ривожлантириш, бозорга хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол меъёрларида ўрнатилган ассортиментда етказиш бўйича чоралар амалга оширилаётгани таъкидлаб ўтилди. Бу чоралар республикада озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини оширишга кўмак бериши керак.