«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти «Ўзбектемирйўлэкспедиция» унитар корхонаси тизимида янги «Poliz Trans» унитар корхонасини ташкил этади. Бу ҳақда ташкилот ходими Камола Юнусова review.uz нашрига маълумот берган.

Манбанинг ёзишича, корхонанинг асосий вазифаси темирйўл транспорти орқали мева, сабзавот, консерва ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини МДҲ давлатларига экспорт қилишдан иборат.

Бу «Ўзбектемирйўлэкспедиция» унитар корхонасининг иккинчи тизимдаги ташкилоти саналади. Бунгача ташкилотнинг «Sogdiana Trans» компанияси ташкил қилинган бўлиб, мазкур корхона Афғонистон ислом Республикаси ҳудудидаги темир йўл линиясига хизмат қилиб келмоқда.

«Sogdiana trans» Ҳайратон – Мозори-Шариф темир йўлида уч йил давомида 7,8 млн. тонн юкларни ташишга хизмат қилган. «Sogdiana trans» ва Афғонистон жамоат ишлари вазирлиги ўртасида яна уч йил муддатга шартнома имзоланган.