14 ноябрь куни Ўзбекистонда Халқаро диабетга қарши кураш куни нишонланади. Ушбу сана биринчи марта 1991 йилда Халқаро диабет федерацияси ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббусига кўра дунё миқёсида диабет билан касалланишлар сони ортиши муносабати билан ўтказилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарори билан ҳар йили ноябрь ойида қандли диабетга қарши кураш ойлиги ўтказилиб келинмоқда. Ушбу тадбирдан мақсад – мазкур йўналиш бўйича тиббий профилактика ишларини янада кенгайтириш, аҳолининг тиббий билим ва маданиятини, қандли диабет касаллигини ташхислаш ва даволаш самарадорлигини ошириш ҳисобланади.

14 ноябрь куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида, шунингдек, барча вилоят эндокринология диспансерларида Очиқ эшиклар куни ташкил этилади. Бунда барча хоҳловчилар қандли диабетга алоқадор зарур маслаҳат ва ташхис ёрдамини олишлари мумкин. Бу ҳақда UzMedInfo маркази ахборот хизмати хабар қилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 52-оилавий поликлиникада, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасида, Боровский ва Охунбобоев номидаги тиббиёт коллежида скрининг кунлари ўтказилади ва тадбир доирасида хавф гуруҳига кирувчи аҳоли марказ мутахассислари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

19 ноябрь куни “Эндокрин касалликларнинг долзарб масалалари” мавзусида республика анжумани ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Унда Ўзбекистондаги ёш олимлар ўтган йиллар давомида эндокринология соҳасида ўзлари олиб борган илмий тадқиқот натижалари бўйича маърузалар билан иштирок этишади.

Мазкур анжуман эндокринолог мутахассислар, қандли диабетни даволаш ва олдини олиш билан шуғулланувчи диабетологлар билим ва малакасини оширишга, шунингдек, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг яхшиланишига хизмат қилиши кутилмоқда.

2015 йилнинг 26 ноябрь куни диабет ойлиги тадбири якунида марказ ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда қандли диабет ва унинг олдини олиш масалалари ҳамда ўтказилган тадбир натижаларига бағишланган пресс-конференция ташкил этилади.