Ўзбекистонда йилига 15 турдаги 7 млн тонна цемент ишлаб чиқарилмоқда

Иқтисодиёт 11 Ноябрь 2015 2635

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институтининг “Стром” илмий-тадқиқот ва синов маркази раҳбари, техника фанлари доктори, профессор Мастура Искандарова билан янги турдаги қурилиш материаллари қандай имкониятлар яратаётгани хусусида суҳбатлашди

"Марказимиз 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Умумий ва ноорганик кимё институти ҳузурида ташкил этилган. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, марказда маҳаллий хомашё ресурслари ва турли ишлаб чиқариш чиқиндилари асосида юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш учун ресурс ва энергия тежайдиган самарали технологиялар яратиш ҳамда уларни ўзлаштириш бўйича илмий-амалий изланишлар олиб борилмоқда.

Марказдаги мавжуд замонавий асбоб-ускуналар цемент, бетон, гипс, оҳак, асбест, доломит, бўр, тош, сопол, силикат ва хом ғиштни физика-кимёвий таҳлил қилиш ҳамда физика-механик синовдан ўтказиш имконини беради. Айни пайтда мутахассисларимиз барча турдаги хомашё ва қурилиш материалларини синовдан ўтказиш имконини берадиган 76 номдаги тадқиқот асбоб-ускуналари, ўлчов приборларидан фойдаланмоқда. Марказнинг юқори малакали ходимлари қурилиш материаллари ва буюмларини яратиш, тадқиқ этиш ва синовдан ўтказиш соҳасида катта илмий-амалий тажрибага эга", дейди М.Искандарова.

У бугунги кунда Ўзбекистонда портланд цементнинг деярли барча турлари ишлаб чиқарилаётганини, айни пайтда ушбу қурилиш материалига бўлган талаб муттасил ошаётгани ва бунинг натижасида портланд цемент муҳим стратегик ресурсга айланаётганини таъкидлаган. Унинг айтишича, портланд цементнинг хусусиятлари уни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган минерал қўшимчалар ва тўлдиргичлар билан боғлиқ ҳисобланади.

"Мамлакатимиз цемент заводларида ҳар йили 15 турдаги 7 миллион тоннагача цемент ишлаб чиқарилмоқда. Қурилиш тармоғи ва саноатда умумий мақсадларда фойдаланиладиган цемент, нефть ва газ қудуқларини цементлаш учун мўлжалланган тампонж цемент, гидротехник иншоотлар қурилишида қўлланиладиган сульфатга чидамли цемент шулар жумласидан. Бундан ташқари, мамлакатимизда безак ишларида фойдаланиладиган оқ цемент ҳам ишлаб чиқарилаётир. Ўтган йили Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида Жиззах цемент заводи фойдаланишга топширилди. Ушбу ҳудудда цемент тайёрлаш учун асосий хомашё – юқори сифатли оҳактош қатламларининг мавжудлиги ушбу завод қурилишига асос бўлиб хизмат қилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибида фаолият юритаётган мазкур корхона йилига 350 минг тоннагача оқ цемент ва 760 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқариш қувватига эга. Заводда ишлаб чиқарилган оқ цементдан пардозлаш ишлари ва сунъий мармар ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин. Таъкидлаш жоизки, оқ цементнинг 70 фоизини экспорт қилиш режалаштирилмоқда", дейди М.Искандарова.

"Айни пайтда “Қизилқумцемент” акциядорлик жамияти юртимизда цемент ишлаб чиқарадиган етакчи корхона ҳисобланади. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган цементнинг ярми ушбу корхона ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу йилига қарийб 3,5 миллион тоннани ташкил қилади. Бундан ташқари, “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамиятида йилига 1,7 миллион тоннагача, “Қувасойцемент” акциядорлик жамиятида 1 миллион тоннадан ортиқ ва “Бекободцемент” акциядорлик жамиятида 1 миллион тоннага яқин цемент ишлаб чиқарилаётир. Ушбу корхоналар ҳар йили янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва мавжудларини модернизация қилиш ҳисобидан ишлаб чиқариш қувватларини оширмоқда.

Айни пайтда турли вилоятларда йирик ва кичик цемент заводлари барпо этилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятида иккита йирик цемент заводи қурилиши бошланди. Ушбу корхоналарда йилига биргаликда икки миллион тоннагача сифатли портланд цемент ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Кичик цемент заводлари қурилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда Андижон ва Фарғона вилоятларида шундай заводлар фаолият юритмоқда. Жиззах вилояти Зомин туманида барпо этилган мини-завод ҳам яқинда ишга туширилади. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида йилига 500 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга мини-цемент заводи қурилиши жадал давом эттирилмоқда", дейди у.

Кўпроқ янгиликлар