Россия Федерал хавфсизлик хизматининг Москванинг Лубянка майдонидаги биноси эшигига ўт қўйган рассом Пётр Павленский ўз қилмишини “террорга қарши курашиш усули” деб атади, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

“Менинг фикримча, менинг бу қилмишимни террорчилик хавфига ишора, тарсаки деб қабул қилиш керак. Мен террор билан шундай курашаман”, деб айтди рассом Таганск суди йиғилишида.

Павленский ФХХ биноси эшигига ўт қўйишда гумон қилиниб, майда безориликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Ёнғинни тезлик билан ўчиришга муваффақ бўлинган. Рассомнинг айтишича, у ўзи “Хавф” деб номлаган бу тадбири Федерал хавфсизлик хизматининг ишлаш услубларига қарши қаратилган.