Россия ТИВ мамлакатнинг бир қисми Хитойга берилгани ҳақидаги маълумотни рад этди

Жаҳон 11 Ноябрь 2015 2470

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот ва матбуот департаментида гўёки “Россиянинг Уссурия ўлкасида 4,7 квадрат километр ер майдони устидан Хитой назоратни тиклагани” ҳақидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги айтилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.    

Вазирликда Россия ва Хитой бир-бирига ҳеч қандай ҳудудий даъвоси йўқлиги таъкидлаб ўтилди. “Бу 2001 йил 16 июлда имзоланган Россия ва Хитой ўртасидаги қўни-қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақидаги шартномада қайд этилган”, деб айтилди вазирлик департаментида.    

“Хитой билан тузилган 1991, 1994 ва 2004 йилдаги келишувларга кўра чегара билан боғлиқ барча масалалар ҳал қилинган. Россия-Хитой чегарасининг демаркация қилинишидан кейин унинг ўтиш чизиғи ўзгармаган”, деб айтилди департаментда.

Россия чегара хизмати ҳам ушбу маълумотни рад этди.

Бундан аввалроқ China Daily нашри Россия Хитойга 4,7 квадрат километр ер майдонини бергани ва бу майдон Хитойнинг шимоли-шарқидаги Гирин вилоятига қўшилиши ҳақида маълумот чоп этилганди.

Кўпроқ янгиликлар