Шаҳрисабзда “Зооцирк” иш бошлади

Жамият 11 Ноябрь 2015 2150

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида “Зооцирк” хусусий корхонаси фаолият кўрсата бошлади. Бу ҳақда УзА хабар берди.

Икки гектар майдонни эгаллаган мазкур хусусий корхонада ҳайвонот боғи, музей ва дам олиш масканлари, турли аттракционлар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Ушбу мажмуанинг катта қисми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 1 ноябрдаги “2013-2015 йиллар даврида Қашқадарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бунёд этилди.

"Дорбозлик санъати бизга ота мерос. Хизмат сафари билан кўп мамлакатларда бўлдик. Гуруҳимиз қошида кўчма цирк ташкил этилган. Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш йўлида яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, шаҳримизда ҳайвонот боғи очдик. Ўтган йили банкдан олинган 300 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига мажмуанинг асосий қисми қуриб фойдаланишга топширилган эди, мана энди тўлиқ ишга туширилди. 100 дан зиёд ҳайвон ва қушлар сақланаётган боғимизда ер юзининг турли ўлкаларидан келтирилган антиқа қушлар ва маймунлардан тортиб, шер, айиқ, бўри, тўнғиз каби ҳайвонларгача бор", – дейди “Зооцирк” хусусий корхонаси раҳбари Саъдулла Мамадалиев.

Корхонада 20дан зиёд киши иш билан таъминланди. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчилари ҳисобланади.

"Ҳайвонот боғида тоғ ҳайвонлари сақланадиган бўлим анча кенг жойни эгаллаган. Шер, айиқ, тўнғиз каби йиртқич ҳайвонлар махсус қафасларда сақланади. Тош уюмлари устида сакраб юрган тоғ қўйи, тоғ эчкиси, кенгуру, пони зотли от, Африка туяқуши, ламалар, махсус ҳовузларда сузаётган ғозлар, бирқозон дея номланадиган антиқа қушни ҳайратланиб томоша қилаётган болажонларнинг қувончи чексиз", дейилади хабарда.

Мажмуа марказида баландлиги 16, узунлиги 56 метрлик улкан аждар ҳайкали ўрнатилган. Ёйилган қанотларининг кенглиги нақд 50 метр. Бу ерда очилган музей ҳам томошабинлар билан гавжум. Музейда XV асрдан бошлаб яқин ўтмишни ўзида акс эттирувчи 600 дан ортиқ экспонат жамланган. Шаҳрисабз тарихи, табиати ва маданиятига доир қадимий осори атиқалар ва дорбозлик тарихи бўйича маълумотлар барчани қизиқтириши табиий.

Келгусида бу ерда амфитеатр, болалар майдончалари барпо этиш ҳам кўзда тутилган.

Кўпроқ янгиликлар