Шимолий Ирландияда мухлисларга терма жамоанинг Евро-2016 турнирида кийиши учун тайёрланган либослари ёқмади ва улар бу формага қарши арзномага имзо йиғишмоқда.

1 кун ичида 6 минг нафарга яқин мухлис интернет орқали форманинг ўзгартирилишини талаб қилган ҳолда махсус арзномада ўз имзоларини қолдиришган. Улар либосларнинг ташқи кўриниши ўзгартирилишини ҳамда янги либослар Шимолий Ирландия термасининг 1982 ва 1986 йиллардаги мундиалда кийган формасига ўхшаш қилиб ишланишини исташмоқда.

Мухлисларнинг норозилигига асосий сабаб формадаги яшил ва оқ рангларга тўқ кўк ранг қўшилгани бўлмоқда.

Sky Sports нашри маълумотига кўра, либосларнинг ташқи кўриниши қандай бўлиши ҳақидаги қарорни Шимолий Ирландия футбол уюшмаси қабул қилган ва формаларни тайёрловчи фирма бу келишувга риоя қилган.

Қайд этилишича, форманинг ташқи кўриниши қандай бўлиши ҳақидаги қарор мухлисларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда 2014 йилнинг ноябрь ойидаёқ тасдиқланганди.

"Биз футболчиларга қандай кийим берилса, ўшани киямиз. Шимолий Ирландия терма жамоасининг ҳар қандай кўринишдаги либосини кийиш биз учун фахрдир", дея муносабат билдирган терма жамоа ярим ҳимоячиси Оливер Норвуд.