“Ўзбекистон ҳаво йўллари” компанияси, глобал иқтисодиётдаги инқирозли ҳолатга қарамай, 2015 йилнинг 3 чораги мобайнида фойда кўрди. Бу ҳақда компания вакилларига таянган ҳолда Sputnik агентлиги хабар бермоқда.

Хабарномада таъкидланишича, Uzbekistan Airways иш самарадорлигини ошириш бўйича махсус комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиққан бўлиб, унинг асосида биринчи навбатда учиш парки оптимизацияси амалга оширилди.
“Биз 1.982 млн йўловчини ташидик. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0.2 фоизлик ўсиш демакдир. Бу, замонавий шароитларни инобатга оладиган бўлсак, у қадар ёмон кўрсаткич эмас, ахир жаҳоннинг барча авиакомпанияларида бу кўрсаткичда тушиш кузатилмоқда”, - деди агентликнинг суҳбатдоши.

Ўзбекистон авиакомпаниясининг рейсларида биринчи ўринни МДҲ давлатлари эгаллади – ҳисобот даврида бу давлатларга 894.3 минг йўловчи элтилди. Узоқ хориж давлатларига 619.6 минг йўловчи элтилди, маҳаллий рейслардан 468 минг киши фойдаланди.
Авиалайнерлар 17.7 минг рейсларни амалга оширди. Ҳар бир рейсда ўртача 111 йўловчи ташилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида 5та халқаро авиакомпания билан бир-бирининг авиачипталарини сотиш борасида интерлайн-келишув имзоланди.
“Шунингдек, Korean Air, Air Baltic ва Malaysan Airlines билан код-шеринг келишуви доирасидаги ҳамкорлик давом этмоқда”, - деди компания ходими.
Шу билан бирга, юк ташиш бўйича компания маълум миқдорда зарар кўрган. Январь ва сентябрь оралиғида жами 31 минг тонна юк ташилди.