Япониянинг янги Mitsubishi Regional Jet (MRJ) реактив йўловчи самолёти 11 ноябрь куни биринчи синов парвозини амалга оширди. Бу ҳақда Reuters хабар қилмоқда.

Аввал хабар қилганимиздек, самолёт Нагоя аэропортидан парвозга кўтарилиб, бир соатдан сўнг худди шу ҳаво бандаргоҳига қайтиб келди. Унинг парвози Mitsubishi Aircraft Corporation компания сайтида тўғридан-тўғри трансляция қилинди.
Таъкидлаш жоизки, MRJ яратувчилари унинг устида етти йил давомида иш олиб боришди. Самолётнинг биринчи намунаси эса 2014 йилнинг октябрь ойида намойиш қилинган эди. У 2017 йилнинг июнидан туркум ишлаб чиқарилади ва сотувга қўйилади.

Бугунги кунга қадар мазкур ҳаво кемасининг 223 донасига буюртма берилган. Жумладан, 32та реактив самолётни Japan Airlines сотиб олади, 100 донасига эса Американинг Trans минтақавий авиаташувчиси харидор бўлмоқда. Mitsubishi кучли рақобат муҳити мавжуд бўлган бозорда 2 мингдан зиёд самолётларни сотиб, Канаданинг Bombardier Inc. ҳамда кичик йўловчи самолётлари ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда иккинчи ўринда турган Бразилиянинг Embraer SA компанияларидан ўзиб кетишни режалаштирмоқда.

Техник хусусиятларига келсак, MRJ самолётининг парвоз масофаси 1,8-3,7 минг километрни ташкил этади. Модел бир неча модификацияда тақдим этилади: 76 ва 88 ўринли. MRJ`нинг энг устун жиҳати — унинг тежамкорлигидир. У ўз тоифасидаги самолётларга қараганда 20 фоиз кам ёнилғи сарф қилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, MRJ —қарийб ярим аср мобайнида илк бор туркум ишлаб чиқилган ва тижорий жиҳатдан қийматга эга биринчи япон самолётидир. Бунга қадар мамлакатда 1962 йилда турбовинтли YS-11 самолётлари ишлаб чиқарилган. Бироқ уларнинг 200 донадан камроғи сотилган.