Россиянинг транспорт машинасозлиги йўналишидаги энг йирик корхонаси бўлмиш “Трансмашхолдинг” Тошкент метрополитенига янги поездлар таклиф қилмоқда. Бу ҳақда компания вакилига таянган ҳолда Sputnik агентлиги хабар бермоқда.

Айтилишича, айни пайтда компания Ўзбекистон билан икки йўналишда ҳамкорлик қилмоқда – саноат корхоналарига тепловозлар, вагонлар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини етказмоқда, шунингдек, Тошкент метрополитени паркини таъминлаш масаласида иш олиб бормоқда.

“Ўзбекистонда темир йўл транспортини кенгайтириш бўйича кенг миқёсли дастур қабул қилинди ва биз улар билан ўз иштирокимиз масаласини муҳокама қилмоқдамиз. Компания бу йўналишда яхши ишланмаларга эга, 2 йил муқаддам Ўзбекистондаги тепловозларга 90 дона дизель двигателлари етказиб берилган эди”, - таъкидлади агентлик суҳбатдоши.