13 кун олдин, 29 октябрь куни уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган қирғизистонлик бу вақт давомида интернет-клубда қолиб, "Дота" ўйини ўйнаш билан машғул бўлган. Бу ҳақда Бишкек ИИВ маълумотига асосан Sputnik Кыргызстан мухбири хабар берган.

Маълум қилинишича, Бишкек милицияси 29 октябрь куни 28 ёшли Чингиз Чиналиевга қидирув эълон қилганди. Хабарда айтилишича, у 13 кунни шаҳардаги интернет-клубда ўтказган.

"Ҳар сафар у билан акаси шу хусусда "тарбиявий суҳбат" ўтказади. Ака укасининг бу одатини ташлаши учун куч ишлатишгача ҳам борган, лекин бундан фойда бўлмаган. Ука ҳар сафар ваъда беради, лекин бажармайди", дейилади хабарда.

Ушбу йигит уйланган, бир ўғил фарзанди бор. Касби ҳайдовчилик.

Милициянинг маълум қилишича, Чингиз Чиналиев билан бундай ҳолат илк бор содир бўлмаяпти. У бир неча кунлаб интернет-клубда қолиб кетиши бир неча марта кузатилган.

У охирги марта узоқ вақт йўқолиб қолганида, ота-она ўз фарзандининг Қозоғистонга компьютер ўйинлари чемпионатида иштирок этиш учун кетганини тахмин қилганди.