9 ноябрь куни АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Колдуэлл шаҳрида асли шотландиялик барабанчи, The Beatles гуруҳининг "Love me do" қўшиғи муаллифларидан бири бўлган Энди Уайт 85 ёшида оламдан ўтган. Рейтер нашрида ёзилишича, унинг ўлимига мияга қон қуйилиши сабаб бўлган.

"Бешинчи битл" деб ном олган ушбу барабанчи 1930 йилнинг 27 июлида Шотландиянинг Глазго шаҳрида туғилганди. 1962 йилда у The Beatles гуруҳига "Love me do" ва "P.S. I Love You" қўшиқларини ёзиш жараёнида иштирок этиш учун таклиф қилинганди. У ўшанда Ринго Старрни алмаштирган. Ўшанда, 1962 йилнинг 12 сентябрида у Лондондаги Abbey Road студиясига келган ва 3 соат давомида барабан чалган. Унга бу иши учун 5 фунт стерлинг тўланган.

"Бешинчи битл" гуруҳнинг "Please Please Me" номли альбоми яратилишида ҳам иштирок этгани тахмин қилинади.

У 1964 йилда британиялик қўшиқчи Лулу билан Shout қўшиғининг ёзилишида бирга ишлаган, 1 йил ўтиб эса Том Жонснинг It's Not Unusual қўшиғида иштирок этган. Кейинчалик ушбу барабанчи Марлен Дитрих, Берт Бакарак ва Род Стюард каби қўшиқчилар билан ҳамкорлик қилган.