Bloomberg TV телеканали Ўзбекистоннинг инвестицион ва иқтисодий салоҳияти ҳақидаги видеороликни эфирга узатишни бошлади, деб хабар бермоқда Sputnik нашри.

Видеоматериалда Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ҳақида кадрлар тақдим қилинган ҳамда охирги 20 йил ичида мамлакатда эришилган иқтисодий ва ижтимоий ютуқлар ҳақида сўзланган. Бундан ташқари, фильмда Ўзбекистон дунёнинг иқтисодиёти энг тез ривожланаётган 5 та етакчи давлатидан бири эканлиги таъкидлаб ўтилган.

MAN, Huawei, GM Powertrain Uzbekistan ва бошқа корхоналар ишлаб чиқариш майдонларидан олинган видеоқатор томошабинга Ўзбекистонда бой хомашё захиралари, малакали мутахассисларнинг мавжудлиги ҳамда мақбул инвестицион иқлим борлиги ҳақида тушунча беради. Ўзбекистондаги мақбул инвестицион иқлим кўплаб глобал ишлаб чиқариш етакчиларини жалб қилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳақидаги видеороликлар Европа, Америка ва Осиёнинг турли телеканалларида кўрсатилган. Хусусан, Ўзбекистоннинг архитектура ёдгорликлари, маданияти, тарихи ва пазандачилиги ҳақидаги сюжетлар Euronews телеканалида бериб борилади.

Bloomberg TV халқаро телеканал бўлиб, ишбилармонлик ва молиявий ахборот ва янгиликлар бериладиган дунё етакчиси ҳисобланади. Телеканалнинг бутун дунё бўйлаб аудиторияси 310 млн дан кўпроқ томошабинни ташкил қилади. Телеканалнинг бош қароргоҳи  Нью-Йоркда, Европадагиси Лондонда ва Осиёдагиси Гонконгда жойлашган.