Бразилия жанубидаги Ибаити шаҳарчаси ҳудудида жойлашган қамоқхонадан қочиб кетган 8 нафар маҳбус қидирилмоқда.

Маҳаллий ОАВларда уларнинг қамоқхонани тарк этиш жараёни тасвирланган видеоёзувлар тарқалган.

Унда кўринишича, жиноятчилар қамоқхона деворлари остида қазилган туннел орқали озодликка чиқишади.

Полициянинг тахмин қилишича, бу туннел жиноятчиларнинг озодликдаги шериклари томонидан қазилган. Маълум қилинишича, деворлар остидан маҳбуслар жойлашган хонагача 8 метрлик ер ости йўли қазилган.

Назоратчилар турли шовқинларни эшитгач, девор остига боришган ва бу туннел орқали қочмоқчи бўлган бошқа маҳбусларни тўхтатиб қолишган. Қамоқхонанинг бу туннел кириб борган қисмида жами 50 маҳбус сақланар эди.

Айни вақтда қочоқларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.