Бухоролик аёл ижарада турган уйидаги қимматбаҳо буюмларни олиб қочиб кетди

Жамият 12 Ноябрь 2015 1766

Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги хонадонлардан бирида ўғрилик содир бўлди. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри хабар бермоқда.

Айтилишича, хонадон бухоролик Рамазон Ҳалимовга тегишли бўлган. У ўзининг вилоятидан бўлган Марварид Раҳимова исмли аёлни уйига ижарага қўйган. Ўзининг буюмларини битта хонага йиғиштириб, хонани эса қулфлаб, уй эгаси Бухорога кетган.
Раҳимова ёлғиз ўзи яшай бошлаган. Уй эгаси камдан-кам Тошкентга йўли тушганида келиб турар эди. Раҳимова кўчада танишиб қолган икки дугонасини уйга кўчириб келиб, улардан ҳам пул ола бошлаган.

Бир сафар Ҳалимов қўнғироқ қилиб, бир неча кундан сўнг бориб қолишини айтган. Шунда аёл уй эгасининг буюмлари йиғиштириб қўйилган хона эшигини бузиб кириб, у ердан 1.25 млн сўмлик LG телевизори, 1.85 млн сўмлик музлаткич, 400 минг сўмлик кўрпа-тўшак, 200 минг сўмлик 2 дона биллур вазалар, 500 минг сўмлик 2 дона пардалар ва бошқа буюмларни ўғирлаб чиқиб кетган.

Уйига келиб, бу ерда ҳеч ким йўқлигини аниқлаган Ҳалимов ўз калити билан эшикни очган. Бу ерда ўзига тегишли буюмлар йўқолганини кўриб, тезда туман ИИБга мурожаат қилган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида ўғри аёл қўлга олиниб, жавобгарликка тортилди. Қимматликлар эгасига қайтарилди.

Кўпроқ янгиликлар