Йирик Магеллан телескопи (GMT) қурилиши ишлари Чилининг Атакама саҳросида олиб борилади. Бу телескоп дунёдаги энг каттаси бўлиши кутилмоқда. Қурилиш ҳудудига Чили президенти Мишель Башалет ташриф буюрган ва илк ғиштни қўйиш маросимида қатнашган.

"Бу лойиҳа Чили миллий астрономияси ривожланаётганини кўрсатмоқда. Энди бизда фазони кузатиш учун янада кенгроқ имкониятлар бўлади", дейди Башалет хоним маҳаллий телеканаллардан бирига берган интервьюсида.

Ушбу улкан телескопнинг асосий кўзгуси диаметри 25,4 метрдан иборат бўлади. Ушбу қурилма "Ҳаббл" космик телескопи орқали олинган тасвирлардан 10 карра сифатлироқ суратлар олиш имконияти билан таъминланади. Телескопни 22 қаватли уй баландлигидаги гумбаз остида бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу телескоп фазодаги қора туйнуклар ва бошқа осмон жисмлари ҳақида аниқроқ маълумотлар олиш имконини беради.

Унинг баландлиги 2500 метрни ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу лойиҳада Чилидан ташқари АҚШ, Австралия, Бразилия, Жанубий Корея иштирок этиши, унга 500 млн доллардан ортиқ сармоя йўналтирилиши айтилган.

Ҳозирда дунёдаги энг йирик телескоп Пуэрто-Рикода жойлашган Аресибо расадхонаси бўлиб, унинг диаметри 305 метрни ташкил этади.