Берлиннинг грек инқирозидаги ғалабасидан бор-йўғи бир неча ой ўтиб “Европа устуни” ҳисобланган Германия барбод бўла бошлагани ҳақида хавотирлар пайдо бўла бошламоқда, деб ёзилмоқда Foreign Policy нашридаги мақолада.

Мақолада таъкидланишича, кўплаб инқирозлар Ангел Меркелнинг етакчилигига раҳна солмоқда. Бу авваламбор, миграция инқирози бўлиб, у Меркель ҳукуматида ихтилофни келтириб чиқарди. Дастлаб Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер қочқинларга бошпана бериш сиёсатини қаттиқлаштириш ҳақидаги фикрни билдирди, унинг бу фикрини молия вазири Вольфганг Шойбле қўллаб-қувватлади. Бироқ кейинроқ Меркелнинг махсус вакили бу режа канцлер билан келишилмаганини айтган.

Бундан ташқари, энг муваффақиятли немис брендларидан бири, немис саноати рамзи ҳисобланган Volkswagen билан боғлиқ можаро Германия учун жиддий муаммо бўлди. Автоконцерн 3,9 млрд доллар атрофида зиён кўрди, Европа Иттифоқи АҚШ билан Трансатлантик инвестиция ва савдо ҳамкорлиги яратиш бўйича музокараларда эса номақбул позицияда қолиши мумкин. Вашингтон “Европа Иттифоқи АҚШ фирмалари билан қандай муносабатда бўлиши масаласида босим ричагларини қўлига олиш учун бу имкониятдан фойдаланиши мумкин”, деб айтмоқда Levick консалтинг компанияси вице-президенти Патрик Хиллман.

Яна бир шов-шувли можаро 2006 йилда Германияда футбол бўйича жаҳон чемпионатини ўтказиш учун немис амалдорлари ФИФА аъзоларини сотиб олишда гумон қилинаётганлари билан боғлиқ тергов бўлди.

Бундан ташқари, яқинда ОАВлар немис разведкаси ўзининг иттифоқдошлари ҳамда ноҳукумат ташкилотлари ортидан жосуслик қилгани ҳақида хабар бердилар. Меркель АҚШ махсус хизматлари Германия ортидан жосуслик қилганда “бировнинг ортидан кузатиш яхшимаслигини” айтиб дарғазаб бўлган бир пайтда Германиянинг ўзи бошқа давлатлар ортидан кузатув олиб борган.

Натижада Германияда шармандалик ҳисси ҳукм сурмоқда, деб ҳисобламоқда немис таҳлилчиси Йорг Вольф. “Немис иқтисодиёти, тартибга солувчи муассасалари ва суд тизими анча вақтга мамлакатнинг халқаро нуфузига етказилган зарарни камайтириш устида анча ишлашларига тўғри келади”, деб айтмоқда таҳлилчи. Унинг фикрича, АҚШ Германиянинг Европа ва мамлакат ичидаги турли муаммоларни уддалай олиши борасидаги имкониятларига кўпинча юқори баҳо бериб юборади. “Берлинга ҳаддан ортиқ ишониш керак эмас”, деб айтмоқда Вольф.