Америкадаги GQ журнали тадқиқот ўтказиб, "Ейиш ва олиб юриш мумкин бўлган энг яхши 50 нарса" рўйхатини тузди ва дунёдаги энг яхши бургерни аниқлади. Унга кўра, Нью-Йоркнинг Манхэттен туманида жойлашган Superiority Burger ресторанида тайёрланган гўштсиз бургер шундай номга сазовор бўлди. Бу ҳақда Metro нашри хабар қилган.

Маълум қилинишича, булочка, айсберг салати, томат, қайла ва вегетерианлар котлетидан иборат бундай бургернинг нархи 6 доллар. Унинг муаллифи бўлмиш ошпаз Брукс Хедли унинг тайёрланиш сирларини ошкор қилмаган. Ошпазнинг айтишича, айни вақтда гўштсиз сэндвичларга талаб ўсмоқда.

GQ журнали дунёдаги энг яхши бургерлар суратларини Инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирган.

Таклиф қилинган бургерлар орасида Нью-Йоркнинг Upland ресторани маҳсулоти бўлган қўзиқоринли таом, Чикагодаги Bottlefork ресторанида тайёрланган чипслар, тухумли пашот, Чарлстон (Жанубий Каролина) шаҳридаги Callie’s Black Pepper Bacon Biscuits бренди остидаги печеньелар бор.