Австралияда бир гуруҳ қора танли талабалар Apple дўконидан “бирор нима ўғирлмасликлари учун” қувиб чиқарилди, деб ёзади The Independent нашри.

6 нафар талабанинг таъкидлашича, Мельбурндаги дўкон ходими қоровулни чақириб, уларни чиқариб юборишни сўраган, негаки улар бирор нарса ўғирлаши мумкинлигини гумон қилган. Талабалар бўлиб ўтган воқеани суратга олиб, интернетга жойлаштириб юборди. Айни пайтда уни Facebook орқали 50 минг киши кўриб улгурди.

Талабалардан бири нашрга берган интервьюда дўкон ходимини ирқчиликда айблади.
Муҳаммад исмли талаба эса Facebook’даги саҳифасида қуйидагича ёзув қолдирди: “Ирқий камситиш тўхтатилиши лозим. Бу АҚШда жуда кўп содир бўлади, лекин Австралияда ҳам бошланиши бизга керак эмас”. Воқеа юзасидан Apple компанияси чоп этган баёнотда расман узр сўралди.

“Биз инсонларнинг ирқи, ёши, жинси, гендер ёки этник тегишлилиги, дини ва жинсий қизиқишларидан қатъий назар ўзаро тенглигига ишонамиз, - дейилади баёнотда. – Бу бизнинг дунёнинг ҳамма қисмларидаги компанияларимизга дахлдордир”.