Тожикистондаги 201-Россия ҳарбий базасида рашк туфайли Тожикистон фуқароси Шоира Жобирова ўлдирилди. Бу Тожикистон ва Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳарбий қўмондонлик билан ҳамкорликда олиб бораётган текширувларининг энг асосий тахминидир. Бу ҳақда текширув олиб бораётган жамоа маълумотига асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.

"Бўлиб ўтган воқеа юзасидан олиб борилган текширув доирасида жиноят содир этилишига сабаб бўлган турли вариантлар кўриб чиқилди. Улардан энг ишонарлиси ва асосий вариант қотиллик рашк оқибатида келиб чиққанлиги аниқланди”, - деди теширув жамоаси вакили.

Унинг сўзларига кўра, номи ошкор этилмаган ҳарбий ҳалок бўлган аёл билан бирга 5 ноябрь куни тунда 201-базага келган ва уни ҳужжат текшириш пунктидагиларга ўз рафиқаси, деб таништирган.

Вакилнинг ахборот беришича, “қотилликда гумонланган ҳарбий хизматчи қўлга олинган ва ўз айбини бўйнига олган”.