Афғонистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ИШИД сафига қўшилиш учун мамлакатга келган Тожикистон фуқаросини қўлга олишди. Бу ҳақда Афғонистон Миллий хавфсизлик хизмати бош бошқармаси матбуот хизматига асосланиб, "Интерфакс" нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, қўлга олинган шахс Нусратулло Ғаниев Душанбе шаҳрида яшаган. У 12 октябрь куни Тахар вилоятида ўтказилган амалиёт чоғида қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, Ғаниев ИШИДнинг Тожикистон билан чегарадаги Дашти-Арчи ва Хўжа-Ғор уездларида жойлашган бўлимлари билан алоқадор бўлган.

Аниқлик киритилишича, у Россияга ишлаш учун борган вақтида интернет орқали ИШИДнинг Афғонистондаги ёлловчиси билан танишган. Ёлловчи Ғаниевнинг ҳисобига 20 минг евро ўтказиб берган. Шундан сўнг, Ғаниев Эрон орқали Озарбайжонга, бу ердан Афғонистонга кириб келган.