Украина Олий радаси Давлат қидирувлар бюроси ташкил этиш ҳақида қонунни қабул қилди. Янги орган АҚШнинг Федерал қидирувлар бюросига ўхшаш вазифаларни бажаради. Қонун Олий рада расмий сайтида чоп этилди.

“Давлат қидирувлар бюроси ижроия ҳукуматининг марказий органи ҳисобланади, у ўз ваколатига кирувчи жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш, фош қилиш мақсадида ҳуқуқ-тартибот фаолиятини амалга оширади”, дейилмоқда ҳужжатда.

Қонунга кўра бюро уюшган гуруҳлар ва жиноятчи ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ жиноятларни аниқлаши, фош қилиши ва тўхтатиши, ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан амалга оширилган қийноқлар ва бошқа жиноятларни тергов қилиши, ҳарбийлар ва миллий аксилкоррупцион бюро ходимлари томонидан амалга оширилган жиноятларни тергов қилиши лозим бўлади.

Қонун учун иккинчи ўқишда 241 нафар депутат овоз берди. Депутатлар бюронинг директори Украина президенти томонидан бош вазир таклифи билан тайинланишига келишиб олдилар. Бош вазир ўз навбатида номзодни танлашда танлов комиссияси қарорига асосланади.