Москвадаги Внуково аэропортида Тожикистон фуқароси полициячи унинг ҳужжатларини текширгандан кейин эстакададан ўзини пастга улоқтириб ҳалок бўлди. Бу ҳақда аэропорт матбуот хизмати бошлиғи Елена Крылова маълум қилди.   

Таъкидланишича, аэропорт ички ишлар бўлими ходими ўзини ғалати тутаётган эркакка эътибор қаратиб, унинг ҳужжатларини текширишга қарор қилган. Полициячи эркакнинг ҳужжатларини текшириб, ҳеч қандай шубҳали нарса топмагандан кейин паспортни эгасига қайтариб берган. Тожикистонлик эркак полициячига қаердан чипта сотиб олишни билмаётганини айтган. Полиция унга ёрдам беришини айтиб, уни чипта сотиладиган жойга олиб бормоқчи бўлган. Улар чиптахонага кетаётганларида тожик полициячидан бироз ортда қолиб, эстакадага югуриб чиқиб, ўзини пастга улоқтирган.

Маълум қилинишича, эркак аэропортнинг А терминалида 2-3-қаватдаги баландликдан йиқилган.

Айни пайтда воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда.