12 ноябрь куни Япониянинг Сока университети ректори Ёшиҳиса Баба Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда кун.уз сайти мобил мухбири хабар берди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, икки олий таълим муассасаси ўртасида йўлга қўйилиши режалаштирилаётган ҳамкорлик меморандуми бандларини муҳокама этиш ҳамда ЎзДЖТУда япон тилининг келгусидаги ўқитилиши бўйича музокара олиб боришдан иборат бўлди.

Мулоқот аввалида университет талабалари томонидан ўзбек миллий рақси, япон тилидаги қўшиқ ва рақс, япон тили кафедрасининг фаолиятига бағишланган махсус видеороликдан иборат бадиий дастурлар намойиш этилди.

Музокаралар якунида ҳамкорлик меморандуми 13 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Япония университетлари ректорларининг II конференциясида имзоланиши келишиб олинди.