2015 йилнинг 1 ноябрь куни Нью Йорк-Рига-Тошкент йўналиши бўйича қатнайдиган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётининг борт кузатувчиси уч халтача шакар сабабли йўловчи билан тортишди. Мазкур тортишув иштирокчиларидан бири Шуҳрат Абдукаримов исмли “Фейсбук” фойдаланувчиси ўз профилида видеотасвир ва изоҳ қолдирган.

Унинг маълум қилишича, борт кузатувчиси шакарнинг жуда кам берилиши, улар бўлса икки киши учун 5 граммлик учта шакар халтачасидан биттасини ортиқча олишган.

Йўловчилар можародан кейинги суҳбатни видеотасвирга олишган. 3 дақиқаю 48 сония давом этган видеодан кўриш мумкинки, борт кузатувчиси ортиқча олинган 5 грамм шакар учун йўловчиларни милицияга топширмоқчи бўлган. Унинг изоҳига кўра, стаканчада уч дона шакар халтачаси бўлган, улар эса орқадаги бошқа йўловчиларга қолдирмасдан, ҳаммасини олиб қўйишган. Йўловчилар бўлса авиакомпанияда шакар учун лимит мавжудлиги билан қизиққан. Бу ҳақдаги саволга авиакомпания ходимаси аниқ жавоб бермасдан, йўловчи ҳуқуқлари чиптада ёзиб қўйилганини айтган холос.

Ш.Абдукаримов, шунингдек, миллий авиакомпания самолёти ўриндиғи қопламасининг йиртилганини ҳам суратга тушириб, саҳифасига жойлаштирган. Кейинроқ эса авиакомпания ишчиларидан бири бўлиши тахмин қилинаётган бошқа “Фейсбук” фойдаланувчиси шахсий ёзишмалар хизмати орқали эътироз билдириб, бу МАК айби эмас, балки баъзи “нодон” йўловчиларнинг иши эканини айтган.

Мазкур видеоёзув 10 ноябрда эълон қилинган бўлиб, уч кун ичида қарийб 13 минг маротаба томоша қилинган ва 260 марта улашилган.