Air France авиакомпанияси Шарль-де-Голль аэропортида 3 минг кишини ишдан бўшатиш бўйича компания топ-менеджер мажлисига бостириб кирган тўрт ходимни вазифасидан озод қилиб, 11 кишига нисбатан чора қўллади, дея хабар қилди АР.

Компания хабарига кўра, мазкур қарор ходимлар билан ўрганилиб, муҳокама этилганидан бир неча ҳафта ўтганидан сўнг қабул қилинган. “Тўрт нафар ходим жисмоний тажовузкорлигини намойиш этгани учун ишдан бўшатилди, 11 кишига эса компания мулкига зиён етказгани учун икки ҳафталик маошдан маҳрум қилинди”, - дейилади хабарда.

Маълумот учун, компания узоқ йиллардан буён фойда миқдорини ошира олгани йўқ. Шу боис эндиликда Яқин Шарқ авиакомпаниялари ва кам бюджетли ташувчилар билан рақобатни давом эттириш учун штатлар ва харажатлар миқдорини қисқартиришга мажбур бўлмоқда.