Гонгконгда яшовчи 7 ёшли қизча Жозефина Лоу дунёнинг энг қимматбаҳо олмоси, 12 каратлик “Мовий ой” олмосига эгалик қилмоқда.

12 ноябрь куни Sotheby’s ким ошди савдосида 48,4 миллион долларга сотилган олмос айнан унинг учун олиб берилгани маълум бўлди. Унга отаси, миллиардер Жозеф Лоу бу буюмни совға сифатида олиб берган.

Маълум қилинишича, ўша кечаси аукционга ташриф буюрган миллиардер жами 77 миллион доллар сарфлаган. У "Мовий ой"дан ташқари 16,08 каратли ёрқин пуштирангдаги олмосни ҳам харид қилган ва бу тошни ҳам қизалоғига совға қилган. Бу тошга тошнинг янги соҳибаси шарафига "Sweet Josephine" номи берилган.

Қайд этиш керакки, жаноб Лоу азалдан қимматбаҳо тошлар харидларини амалга ошириб келади. У 2009 йилда ҳали 1 ёшда бўлган Жозефина учун 9,5 миллион доллар сарфлаб, 7,03 каратли ҳаворанг олмос харид қилганди ва унга "Star of Josephine" номи берилганди.
Жозеф Лоу катта қизи, айни вақтда 13 ёшда бўлган Зоини ҳам шундай совғалар билан сийлаб туради. 2014 йилнинг ноябрида у катта қизи учун 33 миллион евро эвазига ҳаворанг олмос сотиб олиб берганди. Бу олмоснинг номи "Zoe Diamond". Зои учун олинган бошқа ёқут тақинчоқлар ва бриллант тўғнағич учун миллиардер 8,4 миллион доллар сарфлаган.

Ўтган йилда Жозеф Лоунинг бойлиги Форбс журнали версиясига кўра 9,9 миллиард долларга баҳоланган.