Жаҳон бозорларини нефть ва металл нархларининг тушиши билан боғлиқ янги хавф қамраб олмоқда. Инвесторлар бу ҳолат Хитой иқтисодиётининг келгусида янада секинлашига олиб келишидан хавотир олишмоқда.

Хусусан, мис нархи 2009 йилдаги энг паст кўрсаткични қайд этган. 13 ноябрь куни Шанхайдаги шартномаларда мазкур металл нархи пайшанба кундаги 4823,50 доллар ўрнига 4816 долларга сотилган. Мис иқтисодий кўрсаткичлар барқарорлиги ўлчови ҳисобланиб, сўнгги 5 ҳафтадан буён кетма-кет тушишда давом этмоқда.

Brent нефти Лондон биржасидаги савдоларда (10.00да) бир баррели 44,12 долларни ташкил этган. WTI нефти эса Нью-Йорк товар биржасидаги савдоларда 0,16 долларга тушиб, 41,59 долларни ташкил этган. Бу эса ҳафта бошидан бери 6 фоизлик тушишни билдиради.