Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси 14 ноябрдан барча йўналишларда парвозларни қайта тиклашга ваъда берди, деб хабар берди Reuters ахборот агентлиги.   

“Борткузатувчилар мустақил ташкилоти” касаба уюшмаси (UFO) компаниянинг барча борткузатувчиларини 11 ноябрдан 13 ноябргача иш ташлаш ўтказишларига чақирган. Кутилишича, 13 ноябрда касаба уюшмаси аъзолари аввалги муваффақиятсиз музокаралардан кейин компанияга пенсия таъминоти бўйича янги таклифлар билан чиқади.       

Lufthansa’нинг ҳисоб-китобига кўра компанияга кунига 10 млн евро зарарга айланаётган борткузатувчилар иш ташлаши компания ижрочи директори Карстен Шпорни Берлиндан Мюнхенга парвозларни амалга оширишда ўзининг асосий рақобатчиси Air Berlin хизматларидан фойдаланишга мажбур қилди.

Дюссельдорф суди бундан олдин Lufthansa борткузатувчиларига иш ташлашни давом эттиришга рухсат берган эди.

Авиакомпания борткузатувчилар иш ташлаши туфайли 11 ноябрга белгиланган 930 га яқин парвозни бекор қилган эди. 100 мингга яқин йўловчи сотиб олинган чипталар бўйича белгиланган манзилларга учиб кета олмаяпти.