6 ноябрь куни Германиянинг йирик Lufthansa авиаташувчиси борт кузатувчиларининг иш ташлашлари бошланган ва 11 ноябрь кунида компания 930та рейсни бекор қилганди.

13 ноябрь кунигача давом этган, "Борт кузатувчиларининг мустақил уюшмаси" (UFO) томонидан ўтказилган иш ташлашларнинг сўнгги кунида компания яна 940та рейсни қолдиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда АР хабар тарқатган.

6 ноябрь кунидан буён давом этган иш ташлашлар туфайли компания хизматидан фойдаланаётган 550 минг нафар йўловчи жабр кўрди. 13 ноябрь кунги рейсларнинг бекор қилиниши оқибатида 110 минг киши аввалдан сотиб олган авиачипталаридан фойдалана олмаган.

Бироз олдинроқ, компания 14 ноябрь кунида парвозлар қайта йўлга қўйилиши ҳақида маълум қилганди.

“Борткузатувчилар мустақил ташкилоти” касаба уюшмаси (UFO) компаниянинг барча борткузатувчиларини 11 ноябрдан 13 ноябргача иш ташлаш ўтказишларига чақирган. Кутилишича, 13 ноябрда касаба уюшмаси аъзолари аввалги муваффақиятсиз музокаралардан кейин компанияга пенсия таъминоти бўйича янги таклифлар билан чиқади.

Lufthansa’нинг ҳисоб-китобига кўра компанияга кунига 10 млн евро зарарга айланаётган борткузатувчилар иш ташлаши компания ижрочи директори Карстен Шпорни Берлиндан Мюнхенга парвозларни амалга оширишда ўзининг асосий рақобатчиси Air Berlin хизматларидан фойдаланишга мажбур қилди.