Ўзбекистон Олий Суди ИШИДнинг 23 ёшли аъзоси, Хоразм вилоятидан бўлган Муҳаммад Абдуллаевни 13 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилди. 12news.uz ресурсининг Ўзбекистон Олий судига таяниб ёзишича, Хоразм вилоятида туғилиб ўсган Абдуллаев Астрахандалигида экстремистлар таъсир остига тушиб қолган.

2013 йил ёзида у ўзбекистонлик бир нечта муҳожир билан танишиб қолиб, улар билан биргаликда масжидга қатнай бошлаган. Улар орасида урганчлик Наримон Сафаров бўлиб, у ИШИД ёлловчиси эди. У турли йўллар билан Абдуллаевни ўз йўлига солиб, гуруҳ аъзолигига чақирган. Ахийри Абдуллаев Сурияга бориш ниятини билдирган.

2013 йил октябрь ойи бошида Абдуллаевни Сурияга олиб кетишини айтган. У ерда бола ойига 500 доллар маош олиши ҳам ваъда қилинган. 24 октябрь куни икковлон Астрахандан Бокуга боришган, у ердан эса 27 октябрда Истанбулга етиб келишган. Бу ерда уларни Наримонни танийдиган 2 нафар Тожикистон фуқароси кутиб олган. Гуруҳ бир амаллаб Сурияга ўтиб олиб, экстремистларга қўшилган.

Судланувчининг сўзларига қараганда, қароргоҳдаги аҳволни ва сон-саноқсиз ўлимларни кўравериб адашганини тушунган. У Аҳмед исмли озарбайжонлик биродари билан қочиб кетган. Бир йил давомида Абдуллаев Кастамону шаҳридаги мадрасада таълим олган, сўнг акасининг ёрдами билан Ўзбекистонга қайтган.
Суд пайтида Абдуллаев қилмишидан пушаймон эканлигини айтди.