Калифорния кўчаларида синовдан ўтаётган Google`нинг ўзини ўзи бошқарадиган машинаси жуда секин ҳаракатланаётгани сабабли полиция томонидан тўхтатилди.

Ҳодиса Google бош қароргоҳи жойлашган Маунтин-Вью шаҳрида бўлиб ўтди. Патрул полицияси зобити машилардан бири энг паст тезлик соатига 35 миль (56.33 км) қилиб белгиланган йўлда 24 миль (38.62 км) тезликда ҳаракатланган ҳолда бошқа автомобилларга муаммо туғдираётганини пайқаб қолди.

Полиция томонидан тўхтатилган “қоидабузар” Google`нинг ҳайдовчисиз бошқариладиган машинаси бўлиб чиқди. Зобит транспорт воситаси операторига бундай тезликда ҳаракатланиш қоида бузилиши ҳисобланишини маълум қилиб, “гугломобиль” тезликни қандай қилиб танлашига қизиқди. Бироқ охир-оқибат қоида бузилмаганини тан олди.

Гап шундаки, автоном автомобилларни синовдан ўтказишда хавфсизликни таъминлаш мақсадида улар тезлиги соатига 25 миль қилиб белгиланган. Зарурат туғилганида, ҳозирча рул олдида уни кузатиб борадиган оператор бошқарувни ўз қўлига олиши мумкин.

Google компанияси бўлиб ўтган ҳодисани тасдиқлаб, компания томонидан ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилаётган автоном автомобиль умумий бўлиб 1,2 миллион миль (1,93 млн км) масофани мустақил равишда босиб ўтишга улгурди. Бунда бирор марта ҳам жаримага тортилмади. Синов ишлари Техас штатидаги Остин ҳамда Калифорния штатидаги Маунтин-Вью шаҳарларида умумий фойдаланишдаги кўчаларда бўлиб ўтади.