Россия президенти Владимир Путин Эронда 23 ноябрда бўлиб ўтадиган ОПЕКнинг газ бўйича саммитига боради. Бу ҳақда Путин ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги. 

“Биз газ экспортчи давлатлари форумининг учинчи саммитида иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Саммит 23 ноябрда Теҳронда бўлиб ўтади ва Владимир Путин у ерга боради”, деб айтди Ушаков.

Ушаковнинг айтишича, саммит давомида Путин иштирокида бир қатор икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтиши мумкин.

Ўз навбатида Россия энергетика вазири Александр Новак ТАСС ахборот агентлигига саммит учун махсус материаллар тайёрланаётгани маълум қилди, бироқ уларнинг мазмунини ошкор этмади.