Россиянинг Суриядаги авиагуруҳи 11 ва 12 ноябрь кунлари 107 та жанговор парвоз амалга ошириб, террорчиларнинг 289 та объектига зарба берди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги вакили Игорь Конашенков маълум қилди. 

Зарбалар Ҳалаб, Дамашқ, Идлиб, Латақия, Хама, Даръа, Хомс, Дайр-аз-Зўр вилоятларидаги жангарилар позицияларига берилди.

Зарбалар натижасида жиноий гуруҳларнинг 34 та қўмондонлик пункти ва бошқарув пункти, 16 та ўқ-дори ва ёқилғи-мойлаш материаллари омбори; ўқ-дорилар ва қўлбола портловчи қурилмалар ишлаб чиқарувчи завод; террорчиларнинг учта лагери ва тайёргарлик базаси; жанговор техника ва ўт очиш воситалари бўлган 50 та таянч пункти; 184 та мустаҳкамланган ҳудуд ва мудофаа позициялари йўқ қилинган.

Даръа вилоятидаги Жасим аҳоли пункти ёнида Су-34 бомбардимончи самолёти томонидан бетонни тешиб ўтувчи БЕТАБ-500 авиабомбаси қўлланиши оқибатида жангариларнинг ер тагида чуқур жойлашган ўқ-дори омбори йўқ қилинди.

Охирги кунларда Сурия армияси Россия авиацияси қўмагида Суриянинг шимоли-ғарбига ҳужум бошлади. Хусусан, деярли уч йил жангарилар қуршовида бўлган Квейрис аэродроми қамалдан чиқарилди. Россия ҳарбийларининг таъкидлашича, нишонлар ҳақидаги маълумотларнинг бир қисми радикал исломчиларга салбий муносабатда бўлган Суриянинг ўртамиёна муҳолифати қўмондонлари томонидан берилмоқда.