Telegraph: Японияда Иккинчи Жаҳон уруши сабабчилари сифатида айбланганлар оқланиши мумкин

Жаҳон 13 Ноябрь 2015 3438

Япония ҳукумати Иккинчи Жаҳон уруши вақтида чиқарилган ҳукмларни кўриб чиқмоқчи. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, Япониядагилар Иккинчи Жаҳон урушидан кейин ҳарбий трибунал томонидан чиқарилган ҳукмларни таҳлил қилишни режалаштиришган. Сиёсатчилар урушдан кейин халқаро зиддиятларни келтириб чиқарганликда айбланиб, жазога тортилган 25 арбобнинг иши бўйича адолатли қарор чиқарилганини текширишмоқчи. Шу йилда ҳукумат тепасидаги Либерал-демократик партия махсус комиссия ташкил қилиб, комиссияга ўтмишдаги ҳукмлар нечоғлик адолатли бўлганини текшириш вазифасини юклаган.

Қайд этилишича, урушдан кейин жазоланган 25 нафар юқори мартабали амалдорнинг 6 нафари уруш оловини ёқиш ва ҳарбий асирларга ноинсонийлик билан муносабатда бўлганлик айби қўйилганди. Уларнинг орасида уруш даврида Япония бош вазири бўлган Хидеки Тодзио ва собиқ армия вазири Сэйсиро Итагаки номлари бор.

"Ўзингиз ўйлаб кўринг, ўша вақтда суд адолатли қарор чиқармаган. Бундай қарор ўша вақтдаги халқаро нормаларга ҳам тўғри келмас эди. Мен Япония Иккинчи Жаҳон урушига босқинчилик ҳаракатлари мақсадида қўшилган, деб билмайман", деяди Тарихий фактларни тарқатиш жамияти раҳбари Хиромичи Мотеки.

Кўпчилик консерваторлар каби Мотеки ҳам Япония Иккинчи Жаҳон урушига ўзини ташқи хавфлардан ва иқтисодий муаммолардан ҳимоя қилиш учун қўшилган, деган фикрда.

Кўпроқ янгиликлар