АҚШда машиналар сотувчи 5 қаватлик автомат ишга туширилди

Технология 14 Ноябрь 2015 3413

Тутилган автомобилларни сотувчи Carvana компанияси АҚШнинг Теннесси штатидаги Нэшвилл шаҳрида машиналар сотувчи автоматни ишга туширди. Мижозлар сотувга қўйилган автомобилларнинг кўрсаткичлари билан танишиб, жетон кўринишидаги танга ёрдамида харидни амалга оширишлари мумкин, деб хабар бермоқда Gizmag нашри.  

Автомат ўзидан 5 қаватли, 20 та машинага мўлжалланган роботлаштирилган гаражни акс эттиради. Тўлов амалга оширилгандан кейин махсус платформа харид қилинган автомобилни пастга туширади. Сўнгра автомобиль автотураргоҳга олиб чиқилади.

Харидорга автомобилни сотиб олиш борасида якуний қарорга келиш учун 7 кунлик муҳлат берилади, бу муҳлат тугагандан кейин унинг ҳисоб рақамидан тегишли миқдордаги пул ечиб олинади. Тўлов катта диаметрдаги жетон кўринишидаги танга ёрдамида амалга оширилади.

Бу савдо автомати Carvana’нинг иккинчи шундай автомати бўлиб, компаниянинг биринчи бир қаватли автомати 2013 йил ноябрда Атлантада ишлашни бошлаган. Бу автоматда тўловни фақатгина пластик карталар ёрдамида амалга ошириш мумкин бўлган.   

Carvana компанияси 2013 йилда ташкил топган. Компания бош қароргоҳи Аризона штатидаги Феникс шаҳрида жойлашган.

Кўпроқ янгиликлар