Бухорода тадбиркорлардан коррупцияда айбдор мансабдорлар қўлга олинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Чунончи, Қоровулбозор тумани ДСИ солиқ текширувлар шўъбаси бошлиғи Ш. Камолов “Сарбон Сардоба люкс” МЧЖнинг 2011-2014 йиллар давомида амалга оширган фаолиятида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан текшириш ўтказади. Мансаб мавқеидан фойдаланишни хоҳлаган текширувчи аниқланган қонунбузарликларни текширув баёнотида тўлиқ акс эттирмаслик, бу билан жамият раиси У. Оқиевга нисбатан енгил жазо тайинланишига кўмаклашиш эвазига ундан 1 100 долларини пора тариқасида олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланди.

У Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, суд томонидан 3 йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Шунингдек, ДТ “Халқ банки” Когон филиалининг мансабдор шахслари И. Ўроқов ҳамда Т. Умаровлар “Меҳриддин Хусен” фермер хўжалигига 2014 йил давомида давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган пахта ва ғалла етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитнинг 22.754 млн сўмининг мақсадсиз сарфланишига йўл қўйганликлари туфайли қонун олдида жавоб беришларига тўғри келди.