Дубайнинг фуқаро мудофааси қўмитаси Янги Зелландиянинг Martin Aicraft компаниясидан осмонўпар бинолардаги ёнғинларни ўчириш мақсадида 20та жетпак (елкага осиладиган реактив қурилма ёрдамида парвоз қиладиган шахсий учиш мосламаси) учун буюртма берилганини эълон қилди, дея хабар қилмоқда The Daily Dot.

Martin Aircraft жетпакларни лойиҳалаштириш устида бир неча йиллардан буён иш олиб бормоқда. Компания биринчи моделни 2016 йилда ишлаб чиқаришни режалаштирган. Реактив халта ёнғинларни ўчириш учун жуда мос тушади, у вертикал ҳаракат қилишга ва чиқиш қийин бўлган жойларга етиб олишга имкон беради.

Реактив халталар ушбу шаҳарда дунёдаги энг баланд бино жойлашгани учун ҳам зарур. Дубай муҳандислари келгусида ҳам осмонўпар бинолар қуришни режалаштирган. Шу сабабдан 300 метргача баландликка кўтарила оладиган жетпаклар ёнғинларни бартараф этишга кўмак бериши айтилмоқда.

Айтиш керакки, Дубай фуқаро муҳофазаси қўмитаси бу каби қурилмалардан биринчи марта фойдаланаётгани йўқ. 2014 йилда қўмита етиб бориш мураккаб бўлган ҳудудларда ўт ўчиришга ёрдам бериши учун 15та квадрокоптер сотиб олган эди.