Италия терма жамоаси ҳимоячиси Леонардо Бонуччи Париж терактига муносабат билдирди.

"Бўлиб ўтган воқеалар жуда қўрқинчли. Бу бизга ўтган асрда Брюсселда бўлиб ўтган бошқа бир фожиани эслатади (1985 йилги "Эйзел" воқеаси - таҳририят изоҳи). Айбсиз одамлар ўз жонлари билан тўлов қилишди. Бу келажак ҳақида жиддийроқ ўйлаб кўришга чорлайди. Эндиликда, Euro-2016 турнирининг ўтказилиши таҳдид остида. Ташкилотчилар бу борада жиддий ўйлаб кўриб, бир қарорга келишлари керак", дейди футболчи Rai Sport нашрига.

Эслатиб ўтамиз, Парижда 13 ноябрь кечаси 6 тадан 7 тагача теракт амалга оширилган: 4 та ҳужумда одамларга қарата ўқ узилган, “Батаклан” концерт залида одамлар гаровга олинган, шаҳар четидаги “Стад де Франс” стадиони ёнида 3 та портлаш содир этилган.

Охирги маълумотларга кўра, теракт натижасида қурбон бўлганлар сони 150 кишини ташкил этади.

Ушбу ҳужумлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган.